Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам амалларнинг олти турли, одамларнинг тўрт тоифали эканидан хабар бердилар. Олтита амал қуйидагилардир: Биринчиси: Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмай оламдан ўтган бўлса, унга жаннатга кириш вожиб бўлади Иккинчиси: Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиб ўлган бўлса, у жаҳаннамда мангу қолиши вожиб бўлади. Бу ишлар (ширк келтириш ва келтирмаслик) сабаблардир. Учинчиси: Ният қилинган яхшилик. Биров яхшилик қилишни ният қилар экан, ниятида садоқатли, ҳатто қалби билан ҳис этар ва Аллоҳ таоло ҳам унинг бу ниятидан бохабар бўлса-ю, бирон монеълик сабабли ниятини амалга ошира олмаса, унга битта яхшилик ёзилади. Тўртинчиси: Ёмон қилмиш: Битта ёмонлик қилган кимсага битта гуноҳ ёзилади. Яхши ният ва ёмон қилмиш учун биттадан орттирилмаган савоб ва гуноҳ ёзилади. Бешинчиси: Битта яхшилик учун ўн баравар савоб ёзилади. Яъни, банда бир яхшиликни ният қилиб уни амалга оширса, унга ўнта савоб ёзилади. Олтинчиси: битта яхшиликнинг етти юз баравар савоби бўлади. У яхшилик: Ким Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, унга етти юз яхшиликнинг савоби берилади. Бу - Аллоҳ таолонинг лутфи ва бандаларига бўлган карамидир. Одамларнинг тўртта тоифаси қуйидагилардир: Биринчиси: Бу дунёда ризқи мўл, хоҳлаган нарсасини топа оладиган, бироқ, охиратда йўқсил, жаҳаннамга равона бўлган одам. У, бадавлат кофирдир. Иккинчиси: Бу дунёда ризқи оз бўлса-да, охиратда ризқи мўл бўлиб, жаннатга тушган одам. У, йўқсил мўъминдир. Учинчиси: Дунё ва охиратда йўқсил бўлган одам. У, камбағал кофирдир. Тўртинчиси: Дунёю охиратда бой бўлган одам. У, бой мўъминдир.