Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан Қуръондаги энг улуғ оят ҳақида сўрадилар. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу бир оз тараддуд қилган бўлсаларда, охири унинг Оятул курсий эканини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у айтган гапни тасдиқлаб, билим ва ҳикматга тўлишига ишора ўлароқ, Убай разияллоҳу анҳунинг кўксига уриб қўйдилар. Сўнгра, бу билимни қўлга киритишини осон қилиши учун, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.