Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда ким Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилса-ю, унда шаҳвоний нарсалардан, яъни аёлини ўпиш ва қучоқлаш каби жимоъ ва унга олиб борадиган ишларни қилмаса, шунингдек, беҳаё сўзларни сўзламаса ҳамда гуноҳ ва маъсиятларни қилиш билан фосиқлик қилмаса, ҳаждан гўдак гуноҳлардан саломат ҳолда туғилгани каби гуноҳлари мағфират қилиниб қайтишини баён қилмоқдалар. Эҳромнинг қайтариқларини қилиш ҳам фосиқлик қилиш жумласидандир. Агар кимда-ким мана шу амаллардан четланиб, ҳаж ибодатини қилса, юқорида зикр қилинган фазилатга эришади.