Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб: «Уловим ҳалок бўлди, мени етказиб қўядиган минишга улов беринг», – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларда миниши учун уловлари йўқ эканини айтиб узр сўрадилар. Шу ерда бўлганлардан бири: «Йо Расулуллоҳ, мен уни, унга улов берадиган кишига йўллаб қўяман»— деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳтожни садақа берувчига далолат қилгани учун садақа берганнинг ажру савобида шерик эканини хабар бердилар.