Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини еттита ҳалок қилувчи гуноҳлар ва жиноятлардан узоқ бўлишга буюрдилар. У гуноҳлар нималиги ҳақида сўралганларида, шундай баён қилдилар: Биринчи: Аллоҳ таолога ширк келтириш. Турли шаклдаги нарсаларни Аллоҳ субҳонаҳуга ўхшатиш ва тенглаштириш билан ҳамда ибодатлардан бирортасини Аллоҳ таолодан бошқага йўналтириш билан ширк келтириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк энг катта гуноҳ бўлгани сабабли дастлаб шундан бошладилар. Иккинчи: Сеҳр — тугунлар, афсунлар, дорилар ва тутунлар воситасида қилинадиган иш бўлиб, у сеҳр қилинган кишининг баданига таъсир қилиб, уни ўлдириши ёки касал қилиши мумкин ёхуд сеҳр эр-хотин орасини ажратади. Сеҳр шайтоний иш бўлиб, унга кўпинча ширк келтириш билан ва чиркин руҳлар яхши кўрадиган нарсаларни қилиш билан уларга яқинлашиш орқали эришилади. Учинчи: Аллоҳ таоло ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш. Шариатда бирор кишининг ўлимига фақат шаръий сабаб билан ҳоким томонидан қарор берилади. Тўртинчи: Рибони ейиш ёки ундан турфа йўллар билан фойдаланиш. Бешинчи: Балоғатга етмаган ва отаси вафот этган ёш боланинг молини зўравонлик йўли билан ейиш. Олтинчи: Кофирларга қарши урушдан қочиш. Еттинчи: Ҳур бўлган иффатли аёлларга ёки эркакларга «зинокор» дея туҳмат қилиш.