Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда насронийлар Ийсо ибн Марямни мақташда ҳаддан ошганлари каби мақтовда ва васфлашда шариат белгилаган чегарадан чиқишдан қайтардилар. Расулуллоҳни Аллоҳ таолога хос бўлган сифатлар ва феъллар билан сифатлаш, у зотга ғайбни билишни нисбатлаш, дуо қилишда у зотни Аллоҳга шерик қилиш кабилар шу жумладандир. Сўнгра Пайғамбаримиз ўзларини Аллоҳнинг бандаларидан бири эканларини баён қилиб, «Аллоҳнинг бандаси ва Расули», дейишимизга буюрдилар.