Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотдан нақл қилинган Қуръон ёки Суннат илмини, гарчи битта оят ёки битта ҳадис каби оз бўлса ҳам, етказишга буюрмоқдалар. Лекин етказаётган ёки даъват қилаётган илмни яхши билиши шартдир. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Исроил ва уларнинг қиссалари ҳақида шариатимизга зид бўлмаган жойларини баён қилиш мумкинлигини хабар бердилар. Сўнгра ўзларига нисбатан ёлғон тўқишдан огоҳлантириб, кимки у зотга нисбатан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой олишини айтдилар.