Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам "У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.—Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур.— Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Роббимиз ҳузуридандир»,— дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар" (Оли Имрон: 7) оятини ўқидилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда, Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Қуръоннинг бир қарашда аҳкомлари аниқ англашиладиган, далолати очиқ бўлган ҳамда Қуръоннинг мағзи, ихтилоф пайтида мурожаат қилинадиган манбаси бўлган (муҳкам) оятлари, бунинг қаршисида, кўплаб одамлар тушуна олмайдиган фарқли маъноларни ўз ичига олган ёки бу оят билан бошқа оятлар орасида зиддиятлар бор дея тушинишадиган, бошқа (муташобиҳ) оятлар ҳам борлигини очиқламоқда.