Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда мусулмонларнинг молларини ботил билан ишлатадиган, ҳақлари бўлмаган молдан оладиган инсонлар ҳақида хабар бермоқдалар. Юқорида зикр қилинган ҳукм ҳаром йўл орқали мол дунё тўплаш ва уни нотўғри йўлларга сарф қилишни ҳам ўз ичига олади. Етимларнинг молини ноҳақ йўл ила емоқ, вақф ва омонатга қўйилган нарсаларни инкор қилмоқ ҳамда уларни ноўғри йўл билан олмоқ ҳам шулар жумласидандир. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг Қиёматдаги жазоси дўзах эканини хабар бердилар.