Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда, Аллоҳ бандаларнинг ташқи кўринишларига (чиройликми хунукми, каттами кичикми, касалми соғми) қарамаслигини баён қилдилар. ва шу билан бирга бойликларига ҳам (кўпми озми) қарамаслигини баён қилдилар. Яъни, Аллоҳ бандани бу нарсалар учун ҳисоб китоб қилмайди. Нега сен фалончидан бой бўлмадинг нега сен чиройлироқ бўлмадинг демайди. Балки, инсонларнинг қалбларида – тақво, яқийн ва холислик борми ёки риё ва сумъа борми – шу нарсаларга қарайди. Уларнинг амалларига қарайди – тўғрими хатоми – сўнгра шунга қараб мукофот ёки жазо беради.