Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда Аллоҳ ҳар бир ишда бизга эҳсон қилишни вожиб қилганини хабар бердилар. Эҳсон: Ҳар доим Аллоҳнинг бандани кузатиб туришини эътиқод қилишдир. Бирортага яхшилик қилганда, азият беришдан ўзини тийганда, ўлдирганда ва жонлиқ сўйганда ҳам эҳсон қилишлик лозим. (Яъни Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилиб қийнамай сўйиш керак) Масалан, қасос олаётиб ўлдириш вақтидаги эҳсон: Ўлдирилиши керак бўлган инсонни энг осон ва тез ўладиган йўл билан ўлдирмоқ. Сўяётгандаги эҳсон: Пичоқнинг ўткир қилиниши, уни ҳайвонни олдида унга кўрсатиб ўткирламаслик ҳамда бошқа ҳайвонни олдида сўймасликдир.