Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда уйларни қабристонлар каби намоз ўқилмайдиган, намоздан холи жой қилиб қўйишдан қайтармоқдалар. (Бу ерда имкон қадар нафл намозларни уйда ўқишга тарғиб қилинган. Зеро, фарз намозларни масжидда, суннат намозларни эса уйда ўқиш суннатдир.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг қабрларини қайта-қайта зиёрат қилишдан ва унинг бошида тўпланишдан қайтардилар, чунки бу нарса ширкка олиб борувчи василадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига Ер юзининг қаерида бўлса ҳам салавот ва салом айтаверишга буюрдилар. Чунки инсон узоқда бўлса ҳам, яқинда бўлса ҳам, айтган салавоти у зотга етиб боради. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига қайта-қайта келишга ҳожат йўқ.