Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга даъватчи ва муаллим қилиб юбораётган вақтларида, насроний қавмларга йўлиқишини, бунинг учун тайёр туришини ва уларни даъват қилишда дастлаб энг муҳим нарсалардан бошлаши кераклигини баён қилдилар. Шунга кўра, Муоз разияллоҳу анҳу уларни дастлаб «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш билан ақидани тўғрилашларига даъват қилади. Чунки улар Исломга шу шаҳодат калимаси билан кирадилар. Агар улар бунда итоат қилишса, уларни намозни тўлиқ адо этишга буюради. Чунки намоз тавҳиддан кейинги ўринда турадиган энг буюк фарзлардан ҳисобланади. Агар улар намозни барпо қилсалар, уларнинг бойларига молларининг закотини камбағалларига беришларини буюради. Шу ўринда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳуни закотга молларининг энг яхшисини олишдан қайтардилар. Чунки закотга молнинг ўртачасини олиш вожибдир. Сўнгра мазлум уни дуоибад қилмаслиги учун зулмдан узоқ туришини тавсия қилдилар. Чунки мазлумнинг дуоси ижобат бўлади.