Бу ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мункар, яъни Аллоҳ таоло ва Унинг элчиси таъқиқлаган ишларни қўлдан келгунча йўқ қилишга буюрмоқдалар. Демак, ким гуноҳ иш қилинаётганини кўрса ва имконияти бўлса, унга қўли билан монеълик қилиши керак. Агар қўли билан монеълик қила олмаса, гуноҳга қўл урган одамни тили билан қайтариши, гуноҳнинг зарар ва зиёнларини тушунтириб, ёмонлик ва қабоҳат ўрнига эзгуликка йўллаб қўйиши лозимдир. Агар бу даражага ҳам қодир бўлмаса, гуноҳга қалб билан монеъ бўлиши керак. Яъни, бу гуноҳдан нафратланиши, унга монеъ бўлишга кучи етса, ўзгартириб ташлашини кўнглига тугиши керак. Қалб билан ўзгартириш гуноҳни ўзгартириш мақомининг энг заифидир.