Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик. Бир пайт кийимлари оппоқ, соч-соқоли қоп-қора, устида сафар аломати кўринмаётган (кийимларига гард қўнмаган-ки, узоқдан сафар қилиб келибди, десак) ва биронтамиз ҳам уни танимайдиган бир киши тўсатдан пайдо бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ўтириб, икки тиззасини (Расулуллоҳнинг) тиззаларига тиради (юзма-юз, бақамти бўлиб ўтириб олди), икки қўлини (ўзининг) сони устига қўйиб, «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг элчисидир»,— деб гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг, закот беришинг, Рамазон (ойи) рўзасини тутишинг ва йўлига қодир бўлсанг Байтга (Каъбага) ҳаж қилиб боришинг»,— дедилар. У: «Тўғри айтдинг»,— деди. Унинг ишидан ажабландик: ўзи сўраб, (жавобни) ўзи тасдиқлаяпти. Кейин: «Менга иймон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Иймон) Аллоҳга, Унинг малоика-фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг»,— дедилар. У: «Тўғри айтдинг»,— деб, кейин «Энди эҳсон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эҳсон) Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг, У сени кўради (биринчи ҳолатдагидек ибодат қила олмасанг, унда иккинчи ҳолатдагидек – Аллоҳ сени кўриб турганини ҳис қилиб, Унга ибодат қилишинг)»,— дедилар. У (савол беришда давом этиб): «Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақида сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас (сен унинг қачон бўлишини билмаганингдек, мен ҳам бу ҳақида ҳеч нарса билмайман)»,— дедилар. У: «Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аломатлари) чўри ўз бекасини туғиши (фарзанд улғайиб ўз онасига худди чўрисидек муомала қилиши), ялангоёқ, яланғоч, қашшоқ, (олдин) қўй боқиб юрган кишилар баланд-баланд бинолар қуришда ўзаро мусобақага киришиши»,— дедилар. Кейин у одам кетди. Бир муддат жим туриб қолдик. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, бу савол берувчи кимлигини биласанми?» – дедилар. «Аллоҳ ва Расули билгувчироқ», деб жавоб бердим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «У Жибрил. Сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди»,— деб айтдилар”.
Sahih/Authentic. - Muslim