Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари орасида ўтирган пайтларида: «Бу, одамлардан илм кўтарилган ва тортиб олинган пайтда содир бўлади»,- дедилар. Зиёд ибн Лабид разияллоҳу анҳу бундан ҳайратга тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол бердилар. «Қуръонни ўқиган ва ёдлаган бўлсак, бу илм биздан қандай тортиб олиниши ёки йўқолиши мумкин? Ахир биз Қуръонни тинмай ўқияпмиз, рафиқаларимизга, фарзандларимизга, фарзандларимиз набираларимизга ўқитишаяпти-ку?!», - деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Зиёд, яшшамагур, Мен сени Мадинанинг энг аъламларидан бири деб биламан!", - дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмнинг йўқолиши, Қуръоннинг йўқолиши эмаслиги, балки, илмга амал қилмаслик туфайли йўқолишини баён қилдилар. Зеро, Таврот ва Инжил яҳудий ва насронийлар қўлида бўлсада, уларга фойда бермади. Улар бу икки китобнинг ғояси - улардан ўрганган нарсаларига амал қилмаганлари учун, фойдалана олмадилар.