Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳрига яқин қишлоқлардан бири бўлган Ҳудайбийяда ёмғир ёққан кечанинг тонгида бомдод намозини ўқидилар. Салом бериб, намозларини тугатгач, юзлари билан одамлар тарафга ўгирилиб: "Иззат ва улуғлик эгаси бўлган Раббингиз нима деганини биласизларми?",- деб савол бердилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир!"- деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло ёмғир ёққан пайтида одамларнинг иккига бўлинганлари: айримлари Аллоҳ таолога мўъмин, айримлари эса кофир бўлганлиги ҳақида хабар берди",- дедилар. Кимки, Аллоҳнинг лутфи ва меҳрибонлиги билан устимизга ёмғир ёғди деган булса, ана ўша Коинотни бошқарувчи ва Холиқ-Яратувчи бўлган Аллоҳ таолога мўъмин ва юлдузларга кофир бўлди. Бироқ, кимки ёмғир ёғишини юлдузларга боғласа: "Фалон ва фалон юлдузлар сабабли устимизга ёмғир ёғди", - деган бўлса, Аллоҳга кофир ва юлдузларга мўъмин бўлди. Бу куфр - (мусулмончиликдан чиқармайдиган) кичик куфрдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло юлдузларни ёмғир ёғишига на шаръий ва на қадарий сабаб қилмади. Кимда ким ёмғир ёғиши ёки ундан бошқа Ердаги ҳодисаларни юлдузларнинг чиқиши ёки ботишидаги ҳаракатларга боғлаб, уларни ҳақиқий омил дея эътиқод қилса, бундай одам катта куфрни қилган ҳақиқий кофирга айланади.