Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда барча нарсани ўз ичига оладиган қоидани баён қилдилар. У қоида уч қисмга бўлинади: Очиқ-ойдин ҳалол, очиқ-ойдин ҳаром ва ҳукми ноаниқ, ҳалол-ҳаромлиги шубҳали ва кўп инсонлар унинг ҳукмини билмайдиган нарсалар. Ким ана ўша шубҳали нарсаларни тарк қилса, ҳаромга тушиб қолишдан узоқда бўлиб динини сақлайди ва шу билан бирга одамлар наздида обрўсини сақлаб қолади. Ким шубҳали нарсалардан четланмаса, ҳаром нарсаларга дучор бўлади ва одамлар наздида обрўси тушади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда шубҳали ишларни қилиб юрувчи киши ҳақида чиройли бир мисол олиб келдилар. У худди қўриқланадиган ер атрофида қўй боқадиган чўпон каби: тўсиққа яқинлиги туфайли(қўйлари бир кун келиб) шу ерга кириб кетиши мумкин. Шубҳали ишларни қиладиган киши ҳам шу кабидир. Шубҳали ишлари билан ҳаромга яқинлашади ва бир кун келиб ҳаромга ҳам тушиб қолиши мумкин. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жасадда бир лаҳта гўшт (яъни қалб) борлиги ва у ислоҳ бўлса бутун жасад ислоҳ бўлишини хабар бердилар.